«Динамо» - «Шўртан» учрашуви якунлангач ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўйин борасидаги фикрлари билан ўртоқлашишди. Дастлаб саволларимизга меҳмонлар бош мураббийи жавоб берди.
- «Учрашув ҳақида нима дейишим мумкин? Бугун жамоам ёмон ўйин кўрсатди. Шогирдларимда ғалабага бўлган катта иштиёқ сезилмади, чамамда. Танаффусдаги кўрсатмаларимдан кейин иккинчи бўлимда жамоа «уйғонгандек» бўлди, аммо… Яхшиямки, рақибларимиз пенальтидан фойдалана олишмади. Умуман олганда бугун рақибимиз яхши ўйин кўрсатди» - дея гап бошлади Эдгар Яковлевич.
- Ушбу очко йўқотилишидан кейин «Шўртан»нинг медаллар учун курашиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Агар жамоам кейинги ўйинларда ҳам бугунгидек ўйин кўрсатса, биз медаллар учун кураша олмаймиз. Акс ҳолда бизда бронза медалларини қўлга киритиш иштиёқи кучли.
- Демак, сиз жамоангизнинг бугунги учрашувидан умуман қониқмадингиз, шундайми?
- Худди шундай. Учрашув натижасидан ҳам, шогирдларим ўйинидан ҳам қониқмадим. Менимча уларнинг бугунги ўйинга нисбатан ҳар томонлама тайёргарлиги етарлича бўлмаган.
- Дарвозабоннинг алмаштирилишини қандай изоҳлайсиз?
- Киритилган голдаги хатоси учун. Футболчи жарима тўпини 35 метрдан амалга ошириб тўпни дарвозага киритмоқда. Бизнинг Грузиядан таклиф этган маҳоратли дарвозабонимиз бунақа вазиятда тўпни бартараф этиши шарт эди. Легионер шундай оддий хатога йўл қўйса? Бугунги учрашувга нисбатан жамоа футболчиларининг ёндашуви мени ажаблантирди. |