Ўзбекистон Кубоги 1/8 финал жавоб ўйини доирасида Самарқандда «Имкон-Олтиариқ» жамоасини қабул қилган кўҳна шаҳарлик футболчилар қониқарли натижа қайд этиб, кейинги босқич йўлланмасини нақд қилишди.
Кубок учрашувига жамоани майдонга туширган Сергей Ковшов шу куни бир қатор етакчиларсиз тўп суришга қарор қилди. Айтиш лозимки ушбу камчиликлар жамоанинг ўйинига салбий таъсир этгани йўқ. Дастлабки учрашувда водийлик футболчилар кичик ҳисобда зафар қучганликлари сабаб, жавоб баҳсининг ҳам бошланишида олтиариқликлар анча ҳужумкор ўйин кўрсатишди. 2-дақиқадаёқ Дониёр Эргашев чамаси 25 метрлардан кучли зарба йўллаб, Азиз Ашуров қўриқлаётган дарвозанинг устунини титратди. Атига беш дақиқалик ҳужумкорликдан сўнг, меҳмонлар ҳимоявий ўйин кўрсатишга мажбур бўлдилар. Бирин-кетин ҳужумлардан сўнг, учрашувнинг 22-дақиқасида тезкор яримҳимоячи Сайриддин Ғаффоров ўзининг кучли зарбаси билан дарвозанинг юқори нуқтасини ўққа тутиб, ҳисобни очди, 1:0.
Иккинчи бўлим ҳам мезбонларнинг ҳужумлари остида бошланди. Дастлаб Турғун Қобилов қулай имкониятдан фойдалана олмаган бўлса, кўп ўтмай унинг ўзи чап қанотдан ҳужумга ўтган Сайриддин Ғаффоровни тўп билан таъминлади ва бунга жавобан ўткир бурчакда турган Ғаффоров навбатдаги кучли зарбаси билан ўйиндаги «дубли»ни қайд этиб қўйди, 2:0.
Ҳужумкорликни пасайтирмаган самарқандлик футболчилар Анвар Назаров дарвозаси олдида кескинликни оширишда давом этишди. Натижада 79-дақиқада тезкор қарши ҳужум эвазига Акмал Бозоров дарвозабон билан бирга-бир вазиятда қолиб қийинчиликсиз дарвозани ишғол қилди, 3:0.
Ушбу голни «ўйиндан ташқари ҳолатидан киритилди», дея ҳисоблаган меҳмонлар бош ҳакам ва қанот ҳакамига эътироз билдиришди. Оқибатда бош ҳакамга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлган олтиариқликлар футболчиси Ҳасанбой Эргашев майдондан четлатилди.
Учинчи гол ва четлатишдан кейин мезбонлар бироз хотиржамликка берилишди ва бунинг учун жазоланишди. 82-дақиқада Отабек Ҳайдаров оддий вазиятда бош билан яхши зарба ижро этиб, Азиз Ашуров дарвозасининг узоқ бурчагини нишонга олди, 3:1.
Ушбу ғалаба Олий лига вакилларига Кубокнинг чорак финал йўлланмасини олиб берди.
«Динамо» (Самарқанд) – «Имкон-Олтиариқ» (Олтиариқ) – 3:1
Самарқанд, 2395 томошабин.
Ҳакамлар: М. Мухаммедов (Тошкент вил.) – 8,6, В. Лушин (Гулистон) – 9,0, Х. Мирзаахмедов (Тошкент вил.) – 8,8, З. Қодиров (Навои) - 9.
Голлар: С. Ғаффоров (22, 52), А. Бозоров (79) – О. Ҳайдаров (82),
«Динамо»: Азиз Ашуров, Девид Ония, Акмал Бозоров (Бекзод Холмирзаев, 89), Шерзод Зайниев (Жамшед Искандаров, 46), Умид Абдурахмонов, Учқун Қобилов, Салим Мустафоев, Сайриддин Ғаффоров, Дониёр Усмонов (Озод Турсунов, 82), Турғун Қобилов, Санъатилло Зиёев.
«Имкон-Олтиариқ»: Анвар Назаров, Элер Оҳунов, Оқил Маҳмудов, Жалол Жўнашев (Акмал Бобоев, 80), Ислом Каримов (Акмал Раҳимзода, 77), Фаррух Зокиров, Дониёр Эргашев, Саид Эргашев (Отабек Ҳайдаров, 58), Ҳасанбой Эргашев, Нодир Қўзибоев, Дилмурод Назаров.
Огоҳлантиришлар: Д. Усмонов (48) – Д. Назаров (86), А. Бобоев (87),
Четлатиш: Ҳ.Эргашев («Имкон-Олтиариқ», 79).
Назоратчи: С. Наджафалиев (Ташкент).
Биринчи учрашув – 0:1. |