Сўнгги икки ҳафта давомида «Динамо» клуби расмий сайтида биринчи давра якунланларига кўра, жамоанинг энг яхши футболчисини аниқлаш борасида мухлислар ўртасида сўровнома ўтказилди.
Сўровнома якунларига биноан, жамоамиз посбони Андрей Мельничук биринчи даврада «Динамо»нинг яхши футболчиси номига лойиқ топилди.
Биринчи давра давомида 12 ўйин (1049 дақиқа) ўтказган 36 ёшли украиналик посбонга умумий 96 нафар, яъни 37,8 фоиз мухлис овоз берган.
Сўровномада Мельничукга асосий «рақобатчи» Азиз Ибрагимов бўлди. 14 ўйинда майдонга тушиб, 4 марта рақиб дарвозасини ишғол этган 29 ёшли футболчига 71 та (28%) овоз берилган.
Сўровноманинг кучли учлигидан «Динамо» мухлисларида яхши таассурот қолдирган Николай Чипев ўрин олди. Биринчи давра давомида 13 ўйинда майдонга тушиб, 1055 дақиқа тўп сурган болгарлиялик 2 та гол ва 3 марта голли узатмага муаллиф бўлди. Легионер яримҳимоячига 38 та (15%) овоз берилган.
Шунингдек, кейинги ўринларда мавсум кашфиётларидан бири бўлаётган яримҳимоячи Отабек Зокиров 19 (7.5%), «Динамо» ҳимоясида муҳим ўрин тутган Максимилиан Фомин 17 (6.7%) ва андижонлик бўйдор ҳимоячи Ильдар Маматказин эса 13 (5.1%) овоз жамлаган.
Қайд этиш жоиз, сўровномада умумий 254 нафар мухлис иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Мельничук 2013 ва 2014 йилги мавсумлар якунига кўра ҳам, «Динамо»нинг энг яхши футболчиси» деб топилганди. |