22 сентябрь куни «Динамо» жамоаси мураббийлар штабида ўзгариш содир бўлди. Шу куни, ўз аризасига биноан бош мураббийлик лавозимидан озод этилган Азамат Абдураимов ўрнига «Динамо»нинг янги бош мураббийи футболчиларга таништирилди.
Сир эмаски, жорий мавсумда Ўзбекистон миллий чемпионатида муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилган «Динамо» жамоаси иккинчи даврани жуда бўш бошлаб, сўнгги етти ўйинда ғалаба нима эканлигини билмади. Ушбу муваффақиятсизликлардан сўнг, клуб бош мураббийи Азамат Абдураимов ўз хоҳишига биноан бош мураббийлик лавозимини тарк этиши тўғрисидаги аризани ёзиб жамоани тарк этди.
Чоршанба куни эса, клуб раҳбарияти янги мураббий билан шартнома имзолади. Ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш бўлган, мамлакатимизнинг энг тажрибали мураббийларидан бири ҳисобланган Виктор Жалилов «Динамо» жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Шанба куни Олий лига 21-тури доирасидаги «Насаф»га қарши учрашувда Виктор Жалилов «Динамо» жамоасини бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушади. Бу йўлда Виктор Жалиловга омад тилаб қоламиз.
Шу ўринда бир ярим йил давомида «Динамо» клубининг ривожига, ижобий натижалар қайд этишига муносиб ҳисса қўшган ёш ва иқтидорли мутахасис Азамат Абдураимовнинг кейинги фаолиятига омадлар тилаб қоламиз. Ишонамизки, Азамат Абдураимовда ҳам дастлабки мураббийлик фаолиятини бошлаган Самарқанд жамоасидан фақат ёрқин хотиралар ёдда қолади.
«Динамо» клуби Матбуот хизмати.
|